Ҳамкорлар

Кафедра Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги техникаси ва технологияларини сертификатлаш ва синаш маркази, Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи АЖ, Узклаасагро ва Узкейссервис қўшма корхоналари ва қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Бу ҳамкорликда ишлаб чиқариш билан узвий алоқани таъминлаш, талабаларга амалий билим ва кўникмалар бериш, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш ҳамда моддий-техника базани мустаҳкамлаш, шунингдек ўқув ва ишлаб-чиқариш амалиётларини ташкил қилишга катта эътибор қаратилади. Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи АЖ ҳудудида Узклаасагро қўшма корхонасида кафедра филиали ташкил қилинган ва у ердаги ўқув хонасида талабалар учун дарс машғулотлари олиб борилмоқда.  

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги механизациялаш ва электрлаштириш илмий тадқиқот институти, БМКБ “Агромаш”, Ўзбекистон республикаси қишлоқ хўжалиги техника ва технологияларини сертификатлаш ва синаш маркази ҳамда Узгидромет ҳузуридаги Гидрометеорология илмий тадқиқот институти билан илмий технологик экологик муаммолар бўйича йўлга қўйилган илмий тадқиқот ишлари доирасида хамкорлик қилиб келинмоқда.

Кафедра профессор-ўқитувчилари илмий тадқиқот ишлари олиб бориш, малака ошириш, ўқув-услубий материаллар яратиш, янги ўқув курслари ташкил этишда ривожланган хорижий давлатлар АҚШнинг Айова штати университети, Вашингтон штати университети, Шимолий Дакота штати университети, Висконсин университети ва Жоржиа технологиялар институти, Жанубий Кореянинг Сеул университетлари профессор-ўқитувчилари билан ҳам хамкорлик қилишмоқда. Ўтган йиллар давомида Вашингтон штати университети билан Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосидаги майда учувчан заррачалар миқдорини ўрганиш бўйича илмий лойиҳа амалга оширилган, Шимолий Дакота штати университети профессори Том Бон кафедрада Қишлоқ хўжалик машиналари ва тракторларда суюқлик энергиясидан фойдаланиш курси бўйича дарс машғулотлари олиб борган. Висконсин университети ва Жоржиа технологиялар институтида доцент Амонов М.О. узоқ муддатли стажировка ўтаган.  

Кафедрада Жаҳон банкининг Ўзбекистон Республикасида Олий таълим тизимини модернизациялаш лойиҳаси доирасида ташкил қилинган Академик инновациялар фонди томонидан молиялаштириладиган “Хорижий университетлардаги инновацион ечимларни жорий этиш орқали қишлоқ хўжалигида муҳандис кадрларни тайёрлаш дастурларини такомиллаштириш” мавзусида лойиҳа бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Лойиҳада АҚШнинг Дэвис шаҳридаги Калифорния университети, Оклахома штати университети, Миссисипи штати университети ва Жанубий Кореянинг Сеул миллий университети билан ҳамкорлик қилинмоқда. Ушбу лойиҳада:

-қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш таълим йўналишининг амалдаги ўқув режа ва фан дастурларини такомиллаштириш, ўқув режага янги фанлар киритиш;

-хорижий университетларда қўлланилган инновацион услублар ва курсларни жорий қилиш орқали қишлоқ хўжалигида инновацион техника ва технологияларни қўллаш янги таълим йўналиши дастурини қўллаб-қувватлаш;

-профессор-ўқитувчилар салоҳиятини ошишига ва иш фаолияти сифатини яхшиланишига кўмаклашиш;

-таълим жараёнида талабалар иштирокини ва ролини фаоллаштириш лойиҳанинг мақсадлари сифатида белгиланган.

Шу билан бирга лойиха доирасида Ўзагротехсаноатхолдинг ва Ўзагросервис АЖ таркибига кирувчи ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналари, Узкейссервис ва Узклаассервис ҚКлари, Самавто МЧЖ ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик кучайтирилади.