Иш берувчилар билан тадбир

Қишлоқ хўжалиги учун ақлли технологиялар ва малакали кадрлар

Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 24 майдаги 3003-сонли «Қишлоқ ва сув хўжалиги тармоқлари учун муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда 2017 йил 12 сентябрдаги «Айрим ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, Ўзбекистонда фаолият юритувчи «Landtech» компанияси икки олий таълим муассасасига тақдимот ўтказиш таклифи билан чиқди.

Тошкент давлат аграр университети ректори Ботиржон Сулаймонов ва Тошкент давлат ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ректори Ўктам Умурзоқовларнинг компания ташаббусини қўллаб-қувватлаши остида 28 январь куни Тошкент давлат аграр университети ва 29 январь куни Тошкент давлат ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида «Landtech» компаниясининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбир доирасида «Landtech» ҳамда Тошкент давлат ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ўртасида олий таълим тизимида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Англашув меморандуми имзоланди. Ҳужжат ОТМ ходимлари ва талабалари алмашуви, мутахассисларни ўқитиш ва малака ошириш дастурларини яратиш, қўшма миллий ва халқаро тадқиқот лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қўллаш, қўшма таълим дастурлари учун рақамли ва веб-воситалардан фойдаланиш (масофавий таълим ва е-конференциялар), малакали мутахассисларни рағбатлантириш, ўқитувчилар ва талабаларни қўшма дастурларга жалб қилиш, қисқа муддатли ва узоқ муддатли курсларни ишлаб чиқиш ва илмий мақолаларни биргаликда нашр қилишни назарда тутади.

Ўзбекистонда чет эл инвестициялари ва кадрлар сиёсатига катта эътибор қаратилаётган бугунги кунда билимли ёшларни қишлоқ хўжалиги каби стратегик муҳим соҳаларга жалб қилиш мақсадида хорижий корхоналарнинг интерактив тақдимотларини ўтказиш айни муддаодир. Бу ўзбекистонлик талабаларнинг дунёқараши кенгайиши ва интеллектуал даражаси ошиши йўлида хизмат қилиши шубҳасиз.

«Landtech» юқори даражали қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқарувчи жаҳонга машҳур John Deere компаниясининг расмий дилери ҳисобланади. John Deere Америка (Молин, Иллинойс штати)нинг машинасозлик компанияси бўлиб, у қишлоқ хўжалиги ва қурилиш техникасини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. У дунёнинг энг йирик қишлоқ хўжалик техникаси ишлаб чиқарувчисидир.

John Deere 1837 йилда ўз фаолиятини бошлаган. Бугунга келиб компания ўрта ва юқори қувватли тракторлар, пахта ва ғалла ўриш комбайнлари, ўзи ҳаракатланувчи пуркагичлар, прессловчи техникаларни ишлаб чиқаради. John Deere заводлари асосан АҚШда, шунингдек Германия, Ҳиндистон, Канада каби қатор давлатлардан жойлашган.

Дистрибьюторлик компанияси Ўзбекистондаги фаолиятини 2007 йилда йўлга қўйган бўлиб, ҳозирга келиб «JCB», «Gregoire Besson», «Pottinger», «Rivulis Eurodrip» каби хорижий ҳамкорларга эга.

Кўп тармоқли «Landtech» компанияси нафақат қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб беради, балки сотувдан кейинги юқори сифат кафолати, сервис хизматларини ҳам тақдим этади. Хизматлар тажрибали ва юқори малакали муҳандис-механиклар томонидан кўрсатилади.

Компания шунингдек мунтазам равишда ўз мутахассислари ҳамда John Deere техникаси фойдаланувчилари учун айнан улар учун ишлаб чиқилган махсус дастур бўйича бепул семинар-тренинглар ўтказади. «Landtech» ҳар чоракда ўзбекистонлик муҳандис-механикларни малака ошириш ва янги технологиялардан фойдаланишни ўрганиш учун АҚШ, Германия, Австрия ва Украина каби мамлакатларга йўллайди.

«Landtech» ҳамёнбоп нархи, сифат кафолати, эксперт текшируви, сервис хизмати ва оригинал эҳтиёт қисмлари билан бошқа компанияларга нисбатан устуворликка эга.

Ақлли технологиялар ва улардан моҳирона фойдаланувчи малакали кадрларга инвестиция киритиш эса қишлоқ хўжалигининг эртанги куни учун қулай замин яратади.